Х. С. Салимов, в.ф.д., профессор,
М.К. Бутаев, к.в.н., З.Э.Рузиев, к.в.н.,
Ветеринария илмий-тадқиқот институти1,
СамВМЧБУ


Кейинги вақтларда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг биохавфсизлиги масаласи Жаҳон савдо ташкилотининг санитар ва фитосанитар чоралари келишувида (2010 й.), Картаген биохавфсизлик баённомасида (1999 й.), БМТнинг биологик хилма-хиллик Конвенциясида (1992 й.), ФАО/БЖССТнинг Алиментариус Кодексида (2005 й.) қайд этилгани дунё миқёсида турли хавф-хатарларни камайтиришга, инсонлар, ҳайвонлар ва ўсимликларни зарарли микроорганизмлардан ҳимоялашда муҳим рол ўйнаши шубҳасиздир.
Хўш, биологик хавфсизлик ўзи нима, қайси қонун қоидаларга асосланган ва нима учун бу муаммо кўпчиликни ташвишга солмоқда?
Биологик хавфсизлик бу – инсоннинг хавфсиз яшаш ва ишлашига оид турли меъёрий ва санитария эпидемиологик талабларга риоя қилишга қаратилган комплекс техник имкониятларни таъминлаш, максимал даражада инсонларни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини турли хил биологик зарарланишлардан асраш, биологик хилма- хиллигини сақлаш, авайлаш, атроф-муҳитни ҳимоялашга қаратилган мажмуалар тўплами хисобланади. Кенг доирада деярли барча фаолият турларини қамраб олган биологик хавфсизлик умумэътироф этилган давлат аҳамиятига молик муаммога айлангани эътиборга лойиқдир.
Биологик хавфсизлик асосан 4 тоифага бўли нади:
-биологик хавф – бу биологик патогенларни (прион, вирус ва микроорганизмлардан тортиб, кўп ҳужайрали паразитларгача) тиббий ижтимоий, технологик, қишлоқ хўжалиги ва коммунал соҳалар объектларига салбий таъсир кўрсатадиган хавф-хатар ҳисобланади.
-биологик хавфсизлик – инсонларни, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини патогенлар таъсиридан химоялаш, биологик хавф келтириши мумкин бўлган зарарларнинг олдини олишга қаратилган турли чоралар мажмуи.
-биологик ҳимоя – бу биологик агент ва токсинларнинг лаборатория ичида йўқолишидан, ўғирланишидан қўриқ лашни таъминлаш, нотўғри ишлатишга йўл қўймаслик, уларнинг хисоб-китобини тўғри олиб боришни доимий назорат қилишдан иборат.
-хавфли биологик агентлар – инсон, ҳайвонлар, ўсимликларда касаллик чақирадиган ва ташқи муҳит сифатини пасайтирадиган, материалларни хароб қиладиган патоген микроорганизмлар, токсинлар ва паразитлар.
-Биологик агентлар (патоген микроорганизмлар ва вируслар) билан ишлаётган объектлар қуйидагилардан иборат: микробиологик ва вирусологик лабораториялар, микроорганизмлар ва вируслар коллекцияси, тиббиёт ва ветеринария йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасалари билан шуғулланувчи корхоналар ва биологик саноат ташкилотлари.
-Биологик хавфнинг асосий манбалари қуйи дагилардан ташкил топади:
–касалланган ҳайвонлар, ўсимликлар ва инсонлар (эпизоотиялар, панзоотиялар, энзоотиялар; эпидемиялар, пандемиялар ва эндемиялар, шунингдек, ўсимликларнинг карантин касалликлари даврида);
–ўта хавфли биологик агентлар (патоген) билан ишлатаётган лабораторияларда эҳтиёткорлик чораларига тўлиқ амал қилмаслик оқибатида уларнинг тарқалиши;
–биологик агентлар билан ишлатаётган лабораторияларда авария ва диверсиялар содир бўлганда;
–табиий эпизоотик ва эндемик ўчоқлар;
–трансчегаравий йўллар билан касалликларнинг тарқалиши;
–патогенларнинг террористлар қўлига тушиб қолиши оқибатида;
–патоген ва токсинларни биологик қурол сифатида қўллаш ва биотерроризм натижасида.
Юқорида таъкидланган ушбу йўналишдаги барча хавф-хатарларга қарши маълум чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини қатъий назорат этиш давр талабидир. Ҳозирги кунда рес публикамизда инфекцион касалликлар бўйича барқарорликни сақлашда, четдан кириб келишининг олдини олишда, табиий ўчоқлар доимий назоратда бўлишида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда кўп сонли тиббиёт ва ветеринария мутахасислари жонбозлик кўрсатган ҳолда меҳнат қилмоқдалар.
Хўш, уларнинг меҳнати қай даражада ҳимояланган, қай даражада хавфсиз иш шароитлари яратилган. Инфекция билан зарарланган ҳайвонларни сақлаш шароитлари хавфсизлиги, асбоб-ускуналар, дезинфекторлар, махсус кийим таъминоти қай даражада, хавфсизлиқ қоидаларига риоя қилинмоқдами. Шулар муҳим омиллар ҳисобланиб, уларни бартараф этишда ҳозирда нималар қилиш керак, деган саволлар туғилади.
Умуман олганда, биологик хавфсизликни таъминлаш борасида қайси қоидаларга амал қилиниши лозим.
Биологик хавфсизликнинг 1- даражаси, Халқ аро тасниф бўйича BSL 1 (Biosafety Level) деб номланади. Бу тоифага барчага маълум бўлган микроорганизмлар турлари, ҳозирги давргача бирон марта инсонни касаллантирмаган микроорганизмлар киради. Ушбу тоифадаги микроорганизмлар билан ишлашда алоҳида талаблар киритилмаган. Ишлаш учун белгиланган хоналар алоҳида жойлашиши, махсус ҳимоя жиҳозлар талаб этилмайди. Ушбу микроорганизмлар билан ишлашга техник хавфсизлиги қоидаларга риоя этмаган ҳолда рухсат этилади, биологик хавфсиз бокслар ҳам талаб этилмайди.
Биологик хавфсизликнинг 2 даражаси, тасниф бўйича BSL 2 деб номланади. Бу гуруҳдаги микроорганизмлар инсонларни зарарлайди ва касаллик ўрта оғир шаклда кечади. Ушбу гуруҳдаги микроорганизмлар билан ишлаш жараёнида BSL 1 гуруҳдан фарқли ўлароқ, қўшимча қуйидаги қоидаларга амал қилиш талаб этилади:
–ишчи патоген микроорганизмлар билан ишлашда махсус ўқув курслардан ўтиши;
–иш давомида лабораторияга қиришни чеклаши;
–иш жараёнида, аэрозол ёки ҳаво томчи – пуркаш ҳосил бўлганда, махсус эҳтиётқорлик чораларини кўриши;
–ўткир зирҳли моддалар солинган асбоб-ускуналар билан ишлашда эҳтиёткорлик чораларини қўллаш тавсия этилади.
Ишлаш жараёнида I ва II синф биологик хавфсизлик боксларида ишлашга рухсат этилади.
Биологик хавфсизликнинг 3-даражаси ёки тасниф бўйича BSL 3 деб номланувчи гуруҳ. Ушбу гуруҳга маҳаллий ёки экзотик қўзғатувчилар ва улар орқали инсонларда оғир кечадиган инфекцион касалликлар чақириши мумкин бўлган микроорганизмлар ва вируслар киради. Бу касалликлар ҳаво томчи орқали юқиши ва ўлим билан якунланиши мумкин. Бунда ишчини ҳимоялаш жараёнида алоҳида эътибор биринчи ва иккинчи гуруҳ тўсиқлар шарт бўлишига қаратилиши керак бўлади. Бунда жисмоний тўсиқлар қўлланилади ва I ва II синф биологик боксларда ишлаш талаби катъиян белгиланади. Лаборатория хоналари бошқа бинолардан алоҳида бўлиши ва ичкарида ҳаво босими ташқаридаги ҳаво босимидан паст бўлиши шарт. Чиқаётган ҳаво рециркуляция қилинмаслиги керак. Кириш эшиклари икки қаватли ва автоматик тарзда ёпилаётган бўлиши шарт.
Биологик хавфсизликнинг 4- даражаси ёки тасниф бўйича BSL 4 деб номланувчи гуруҳ. Бу гуруҳга хавфли ва экзотик микроорганизмлар ва вируслар, инсонларнинг соғлигига, ҳаётига ўта юқори хавф солиши, аксарият ҳолларда ўлим билан якунланиши мумкин бўлган микроорганизмлар турлари киради. Касаллик ҳаво томчи йўли ёки номаълум йўллар билан юқиши мумкин. Бу касалликларга қарши даволовчи ва олдини олувчи препаратлар йўқлиги туфайли алоҳида эътибор қаратилади.
Лаборатория ходимларига алоҳида талаблар, қоидалар мавжуд. Шулардан мажбурий бўлган талаблар: ишчи ходим махсус ўқув курс жараёнидан етарли кўникмага эга бўлишлари, ўта хавфли микроорганизм ва вируслар билан ишлаш қоидаларини мукаммал билиши, лаборатория алоҳида бинода жойлашиши, лабораторияга фақат рухсати бор кишиларга кириш-чиқиш мумкинлиги жиддий назоратда бўлиши, ишлаш фақат III синф биологик хавфсизлик боксларда бўлиши шарт. Микроорганизмлар ва вируслар билан ишлаш жараёни алоҳида ишлаб чиқилган қоидалар асосида амалга оширилади. Шулардан келиб чиқиб, турли патогенлар билан ишлаётган лабораториялар ва лаборатория ходимларининг меҳнати ўта хавфлилиги, долзарблиги ва маъсулиятли эканлиги, уларнинг фаолияти давомида мавжуд қонун-қоидаларга қанчалик риоя этилаётгани доимий назорат этилиши, етарли шароит яратишга қаратилган тадбирлар доимо диққат-эътиборда бўлиши биологик хавфсизликнинг асосий қоидалари қаторига киради.
Ҳозирги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган ветеринария лабораториялари BSL 1 ва BSL 2 гуруҳ тоифасига киради. BSL 3 ва BSL 4 тоифадаги лабораториялар ҳозирча мавжуд эмас. Лекин BSL 3 даражадаги лаборатория ташкил этилиши бу давр талаби. Қўшни Қозоғистон ҳудудида иккита BSL 3 даражадаги лабораториялар мавжуд. Бизнинг фикримизча, замонавий тўлиқ
жиҳозланган холда BSL 2 даражадаги лабораториялар ҳеч бўлмаганда ҳар бир вилоятда биттадан бўлиши лозим. Умуман олганда, лабораториялар фаолиятига жиддий эътибор бериш, хавфсизлик, хусусан биологик хавфсизлик таъминоти, химоя воситалари, реагентлар, диагностикумлар масаласи, патогенларни сақлаш, уларнинг ҳисоб-китоби, йўқотиш тартиби, лаборатория ҳайвонларини зарарлантириш қонун-қоидалари, ушбу гуруҳ патогенлар билан ишлаш шароитлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги каби муаммоларга жиддий эътибор берилиши нуқтаи назаридан бизда битта фикр бор. Биологик хавфсизликка давлат нуқтаи назаридан қаралиши ва биологик хавфсизлик тўғрисида қонун ишлаб чиқилиши ва қонун доирасида биологик хавфсизлик манбаи бўлган барча патогенлар билан ишлашни тартибга солади. Бу йўналишда турли мамлакатлар, шу жумладан Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистон республикаси 2022 йилдан бошлаб юқорида қайд этилган муаммолар юзасидан қонун доирасида фаолият юритмоқдалар. Республикамизда ҳам бу борада дастлабки қадамлар амалга оширилган. 2021 йил 12 февралда “Биологик хавфсизлик тўғрисида”
ги Қонун лойиҳаси “Норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси”
порталида эълон қилинган.
Бироқ биохавфсизлик тўғрисида барча шу соҳага алоқадор ташкилотларга тегишли бўлган Қонун ҳали тасдиқланмаган.
Биохавфсизлик тўғрисидаги қонун турли даражадаги давлат органлари, вазирликлар, тегишли ташкилот ва идоралар, шу жумладан инсонни барча биологик хавфлардан муҳофаза этувчи ташкилотларга, илмий-тадқиқот муассасаларига мажбурий бўлган талаблар ўз аксини қамраб олган ҳолда қабул қилиниши керак, деган фикрдамиз. Ушбу мазмундаги Қонун ҳаводек зарур ва энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Шундай қилиб, яқин йилларгача биологик хавфсизликка тор доирада, яъни инсонларнинг санитария-эпидемиологик барқарорлиги нуқтаи назаридан қаралган бўлса, ҳозирги вақтда унга кенг маънода – одам ва ҳайвонларда хавфли инфекцион касаллик ларни қўзғатадиган янги патогенлар (вирус, прион ва б.) турларининг ортиб бораётганлиги ва кейинги йилларда хавфли биоагентлар билан
қуролланган террорчиларнинг пайдо бўлиши, табиатда фавқулодда вазият пайдо бўлиш мумкинлиги, унинг хавфлилик даражасини, маълум бир чегарадан чиқиб, хаттоки халқаро миқёсга айланиб кетиш хавфининг кенгайиши бу муаммонинг мазмунан кенгайишига олиб келди. Ушбу нуқтаи назардан қаралганда, ҳозирги глобал ривожланиш шароитида биохавфсизлик муаммоси республикамизда бўлажак тиббиёт ва ветеринария мутахассисларини замонавий билим ва кўникмалар билан қуроллантирадиган илмий-амалий фан соҳасига айланмоқда. Биологик хавфсизлик бўйича етук билимга эга бўлган тиббиёт, ветеринария, биолог ва аграном-энтомолог каби мутахассислар етишиб чиқиб, мумкин бўлган хавф-хатарларни олдиндан башорат этишади ва носоғлом ҳудудда биологик агентнинг тарқалишига йўл қўймаслик чораларини кўради.