Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни хотирамда ўтмиш жонланади, кўзимга ёш келади. Шундай саодатли кунларни кўриб, фарзандлару набиралар қуршовида, эъзозида яшаётганимдан ҳурсанд бўламан, Яратганга беадад шукр дейман. Тонг отмасданоқ дарвоза тақиллайди, гурра-гурра олис-яқиндаги қариндошлар кириб келишади. Хожи бобо сизни кўргани, дуонгизни олгани келдик, дейишади. Бу ёруғ оламдан ўтиб кетган аждодларни хотирлаб Қуръону карим оятларидан тиловатлар қиламиз. Юртга барака тилаймиз, – дейди 84 баҳорни қаршилаган кекса чорвадор Эргаш бобо Ходжиев ўғлию набираси билан суҳбатлашаркан. – Аслида фақат 9 майда эмас ҳар кун, ҳар дақиқа эзгулик
ҳақида ўйлаш, хайрли юмушларга қўл урмоқ керак. Ана шунда ҳаёт файзли кечади. Бугунги тўкин кунлар қадрига янада кўпроқ етасиз. Яширмайман, болалик чоғларимда бир бурда нонга зор бўлган кишиларни жуда кўп кўрдим. Ўтган асрнинг 50-йиллари иқтисод жуда оғир эди. Қорнимиз тўйсин, яхши яшайлик, деб фермага ишга кирганман. Ахир отам Хожихўжа бобо чорвадор эдилар-да. Қолаверса, ферма уйимизнинг олдида эди. Йиллар шиддат билан ўтаверди. Молбоқарлик ортидан рўзғоримиз тўкин бўлди, фарзандларни ўқитдик, уйли –жойли қилдик.
Аллоҳнинг иноятини қарангки, ўзим оддий молбоқар бўлиб ишлаган фермани мустақиллик шарофати билан ўғлим сотиб
олди. Айни чоғда “Бахт” фермер хўжалигида чорва бош сони кўпайган, сутни қайта ишлаш цехи ҳам бор. Муҳими буларнинг бари ҳалол меҳнат, инсофу диёнат туфайли рўёбга чиқмоқда. Бундан қувонмай бўладими?.. Илоҳим, илоҳим юртимиз тинч, юртбошимиз омон бўлсинлар.
– Малака ошириш, соҳадаги илмий янгиликлардан бохабарлик керак, жуда керак. Республикадаги раҳбаримиз Баҳриддин Тангяриқовнинг мутахассислар малакасини оширишга энг муҳим масала сифатида қараётгани, марказда ўқув ташкил этилгани мени, юзлаб шогирдлари бўлган кекса ветврачни беҳад хурсанд қилди, – дейди 67 ёшни қаршилаган ва соҳада 45 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган инсон, Қуйи Чирчиқ тумани деҳқон бозоридаги ВСЭЛ мудири
Маҳмуд Тойлоқов.- Баъзилар лаборатория ходимига мазза, соя-салқин хонада ишлайди, уч-тўртта маҳсулотни текширадию шу билан бир куни ўтади, деб ўйлайди. Бу бекорчи гап. Аслида бозорга кириб келаётган ҳар бир маҳсулотни чуқур текшириш, сут ва гўшт маҳсулотларини кафолатли таҳлил этиш, сифатсиз маҳсулотни тезкорлик билан йўқотиш аҳолини турли хавфли хасталиклардан ҳимоя қилишда жуда муҳимдир. Шу боис бу тизимда ишлаётган кишининг билими, малакаси бошқаларникидан ўн чандон юқори бўлиши лозим. Яна бир гап. Институтни тугатди, диплом олди, дегани малакали мутахассис бўлди, дегани эмас. Ветеринария тизимида ташхислаш, хавфли касалликларга қарши оқилона курашмоқ ҳар қанча муҳим бўлмасин,бу кўникма ветврачда йиллар давомида такомиллашади. Қийинчиликларга чидаган, ўқиб- ўрганишдан тўхтамаган кишигина қадр топади. Демак раҳбарлар малака ошир, ўқи дедими, бу вазифага чин дилдан ёндошмоқ зарур.
Абдунаби Алиқулов, журналист